Ўзбек профилактика инспекторлари фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қасамёд қилдилар
Тошкент. 12 сентябр. ЎзТАГ – Тошкентдаги Амир Темур ҳайкали ёнида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторлари ўзларига ишониб топширилган ҳудудда фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялашга тантанали қасамёд қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Расмий маълумотларга кўра, тадбирда қатор инспекторларга хизмат уйлари ва имтиёзли кредит асосида харид қилинган янги автомашиналар калитлари тантанали топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республики Олий Мажлиси палаталари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, профилактика инспекторларига хизмат уйлари берилмоқда.
Давлат раҳбарининг 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ички ишлар органларини ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш муҳим вазифа этиб белгиланган.