Ўзбек самбочилари жаҳон чемпионатида 7 мукофотни қўлга киритдилар

Дата: 16:40, 17-11-2015.

Тошкент. 17 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон самбо бўйича термаси 2015 йилги жаҳон чемпионатида 7 мукофотни қўлга киритдилар. Ушбу биринчилик Касабланкада (Марокко) бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Шарқ яккакурашларини ривожлантириш марказидан маълум қилишларича, медалларнинг биттаси олтин ва олтитаси бронза. 74 кггача вазн тоифасида жаҳон биринчилигининг ғолиби Истам Қудратов бўлди. У 2011 йилдаги натижасини такрорлаб, энди икки карра дунё чемпионидир.

Чемпионатнинг бронза совринларини Саттор Эргашов (-52 кг), Сарбон Эрназаров (-68 кг), Исломжон Азимов (-100 кг), Санжар Неъматов (-80 кг), Давлатжон Хамраев, Раҳматжон Аҳмедовлар (-52 кг) қўлга киритдилар.

Самбо бўйича 2015 йилги жаҳон чемпионати Касабланканинг энг йирик спорт мажмуи Муҳаммад V саройида ўтказилди.

Жаҳон биринчилиги илк марта африка қитъасида ўтказилди. Турнирда 82 мамлакат вакиллари қатнашди. Улар орасида Барбадос, Ямайка, Коста-Рика, Куба, Конго, Вьетнам ва Перу чемпионатда илк марта иштирок этди.

Биринчилик янги қоидаларга кўра ўтказилди. Эслатиб ўтамизки, ФИАС 2015 йил бошида экспериментал ҳакамлик қоидаларини қабул қилган эди. Бир йиллик муддатдан кейин эксперт ва мутахассислар янги қоидалар самбога тезкорлик ва ғайрат бағишлади, деган қарорга келдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: