Ўзбек саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортчиси соф тушумини 42,3% кўпайтирди

Дата: 22:31, 26-06-2015.

Тошкент. 26 июн. ЎзТАГ – 2014 йил якунлари бўйича “Ўзинтеримпэкс” давлат акционерлик ташқи савдо компаниясининг (ДАТК) соф тушуми 2013 йилнинг муқобил даврига солиштирганда 42,3% ўсиб, 15,6 млрд сўмга етди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Хусусийлаштириш қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази томонидан эълон қилинган ҳисоботга мувофиқ, компаниянинг маҳсулот сотишдан олган ялпи фойдаси 14,08 млрд сўмни (+29,7%), даромад солиғини тўлашгача бўлган фойдаси миқдори 3 млрд сўмни, соф йиллик фойдаси 2,69 млрд сўмни ташкил қилган (+10,8%).

Низом капитали миқдори 1,44 млрд сўмга оширилиб, 11,33 млрд сўмга, резерв капитали 376,6 млн сўмга кўпайтирилиб, 2,86 млрд сўмга етган. Йил охирига келиб компания активлари миқдори 656,86 млрд сўмни ташкил қилган (+24%).

Бундан ташқари, яқинда компания 3,35 млн дона оддий акциялари учун даромадлар ажратилишини маълум қилди. Дивидендлар тўлашга йўлланадиган умумий маблағ 673,35 млн сўмни ёки номиналига 5,95% ташкил қилади.

Эслатиб ўтамизки, “Ўзинтеримпэкс” ДАТК Ўзбекистон ТИАИСВ таркибига киради. Компания фаолиятининг асосий йўналишлари саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилиш, шунингдек, турли техника, технологик ускуналар ва бошқа товарларни импорт қилиш ҳисобланади.

$1 = 2550,85 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: