Ўзбек сенаторлари 2018 йилги солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари маъқулладилар

Дата: 12:04, 21-12-2017.

Тошкент. 21 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон сенаторлари томонидан “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни маъқулланди , деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

  Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси доирасида кўриб чиқилди. Мазкур ҳужжатнинг мақсади 2018 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатини амалга ошириш учун ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишдир.

Парламент матбуот хизмати маълумотларига кўра, қонун Бюджет кодекси, Солиқ кодекси ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи 3 та моддадан иборат.

 Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексига, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга киритилиши назарда тутилган ўзгартиш ва қўшимчалар маҳаллий бюджетларнинг мустақиллигини ошириш, туманлар ва шаҳарларнинг захира жамғармаларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини назарда тутади.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг бюджет ваколатларини уларга қонун ҳужжатларида кўрсатилган алоҳида солиқлар бўйича белгиланган ставкаларга ҳудудларнинг ҳамда фаолият амалга ошириладиган жойнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда пасайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни киритиш ҳуқуқини бериш орқали ошириш назарда тутилмоқда.

Ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи билан фойда солиғи бирлаштирилаётганлиги, шунингдек, айрим турдаги мажбурий ажратмаларни ягона тўловга – давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларга бирлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартишлар киритилмоқда.

Сурат манбаи: http://www.itworks-inc.com/2014/07/30/use-grants-accounting-software-projecting-personnel-costs/

Янгилик билан ўртоқлашиш: