Ўзбек сенаторлари амнистия хужжати, 2016 йилги давлат бюджети ва янги иш ўринлари яратиш дастурини қабул қилдилар

Дата: 15:52, 04-12-2015.

Тошкент. 4 декабр. ЎзТАГ - Ўзбек сенаторлари амнистия хужжати, 2016 йилги давлат бюджети ва янги иш ўринлари яратиш дастурини қабул қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Мажлис иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги ҳужжатнинг қабул қилиниши инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият деб ҳисобланадиган давлатимиз инсонпарварлигининг яна бир ёрқин ифодаси, олиб борилаётган демократик, ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотлар мазмун-моҳиятининг кўриниши эканлигини қайд этдилар. Амнистия ҳужжатининг айрим тоифадаги шахсларга нисбатан қўлланилиши катта ижтимоий ва тарбиявий аҳамиятга эга”, - дейилади сенат матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, сенаторлар бош молиявий ҳужжат – Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда 2016 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсишни ва барқарорликни таъминлаш мақсадида иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва модернизация қилиш жараёнларини изчил давом эттириш, асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар мувозанатини сақлаш, хусусий мулкчилик аҳамиятини тубдан ошириш, хусусий тадбиркорликнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган устуворликлар, мақсадлар ҳамда вазифалар асосида ишлаб чиқилганини таъкидладилар.

“Бюджет-солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек келгуси йилнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ялпи ички маҳсулотни 7,8% оширишни назарда тутади”, - дейилади хабарда.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетларини ҳамда 2016 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини қабул қилдилар.

Шундан сўнг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди. Ялпи мажлис иштирокчиларининг фикрича, ушбу Қонуннинг амалга оширилиши 2016 йил учун қабул қилинган  солиқ сиёсати асосий йўналишларининг ижро этилиши учун  норматив-ҳуқуқий асос яратади ҳамда   республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг самарали амалга оширилишини таъминлайди  Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ялпи мажлисда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган 2016 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ҳам кўриб чиқилди ҳамда маъқулланди. Дастур параметрлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳукумат мажлисидаги 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2015 йилдаги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган маърузасида белгилаб берилган вазифалар асосида ишлаб чиқилганлиги қайд этилди.

“Дастурда иш ўринларини ташкил этиш, аҳолини ишга жойлаштириш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг, барча даражадаги ҳокимликларнинг аниқ вазифалари белгилаб берилмоқда. Умуман олганда, Дастурга мувофиқ 2016 йилда 992,7 минг кишини ишга жойлаштириш назарда тутилган. Шундан 511,5 минг киши таълим муассасалари битирувчиларидир”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, сенаторлар “Электрон ҳукумат тўғрисида” ги, “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонунларни кўриб чиқдилар.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўртинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: