Ўзбек сенаторлари баъзи қонунчилик хужжатларига тузатишлар киритдилар

Дата: 17:47, 26-08-2016.

Тошкент. 26 август. ЎзТАГ – Сенатда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хужжат Сенат олтинчи ялпи мажлисининг иккинчи иш кунида кўриб чиқилди.

Хусусан, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига акциядорлик жамиятларига чет эллик инвесторларни кенг жалб қилишга, корпоратив бошқарувда уларнинг фаол иштироки учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, акциядорлик жамиятларида чет эллик инвесторларнинг устав капиталидаги улуши камида 15% ташкил этиши лозимлиги назарда тутилган тартиб ўрнатилмоқда.

Солиқ кодексига киритилган ўзгартишларга мувофиқ хорижий инвестициялар иштирокидаги акциядорлик жамиятлари уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги даъволар бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 11 апрелда қабул қилинган “Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга тақдим этилган юридик шахсларнинг фойда солиғи, мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ва бошқа солиқлар бўйича имтиёзлар хорижий инвесторнинг улуши устав капиталининг 15%дан 33%гача миқдорни ташкил этадиган акциядорлик жамиятларига татбиқ этилишини назарда тутувчи қўшимчанинг Солиқ кодексига киритилганлиги муҳим аҳамиятга эга.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонунларга киритилган қўшимчаларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба мақоми берилди.

Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига уларнинг нормаларини янги қабул қилинган “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунга мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Айрим тузатишлар суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга қаратилган. Хусусан, “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишлар махсус ва ҳуқуқий масалаларни ўз ичига олган ўқитиш дастурига мувофиқ суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини вақти-вақти билан ошириб боришнинг ягона тизимини жорий этишга қаратилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Маълумот ўрнида, 24-25 августда Тошкентда Олий  Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: