Ўзбек сенаторлари болаларни зарарли маълумотлардан ҳимоя қиладилар

Дата: 15:16, 25-08-2017.

Тошкент. 25 август. ЎзТАГ – Ўзбек сенаторлари болаларни зарарли маълумотлардан ҳимоя қиладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

24 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар.

Сенаторларнинг фикрича, ёшларга оид давлат сиёсати доирасида қабул қилинган ушбу қонун ҳар томонлама ривожланган, баркамол ёш авлодни шакллантиришда муҳим ўрин тутади.

“Муҳокама чоғида сенаторлар таъкидлаганларидек, амалдаги қонун ҳужжатлари, хусусан, 2008 йилда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонун билан шафқатсизлик, зўравонлик ва болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи бошқа ахборотни акс эттирувчи адабиётлар тарқатилишини, фильмлар намойиш этилишини тақиқловчи меъёрлар назарда тутилган. Шу билан бирга, глобаллашув, ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет тармоғи кенг ривожланган бир шароитда болалар соғлиғига зарар етказувчи, шунингдек, халқимизнинг ёшлар тарбияси пойдеворини ташкил этувчи маънавий асосларини емирувчи ахборотдан улар ҳимоя қилинишини таъминловчи янада самарали ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни шакллантириш муҳим вазифага айланди”, - дейилади ўзбек парламентининг юқори палатаси матбуот хизмати хабарида.

Хусусан, қонун билан зарарли ахборотдан иборат медиа маҳсулотларнинг айланиши ва тарқатилишига нисбатан умумий талаблар ўрнатилган. Хусусан, босма шаклдаги, зарарли ахборотдан иборат маҳсулотнинг болалар кириши мумкин бўлган жойларда фақат зич ўралган идишларда тарқатилиши белгиланган. Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот маҳсулотининг болалар учун мўлжалланган таълим, тиббиёт, санаторий-курорт, жисмоний тарбия ва спорт, маданият ва соғломлаштириш муассасаларида тарқатилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: