Ўзбек сенаторлари қонунчиликка ўзгартиришлар киритдилар

Дата: 15:54, 05-12-2015.

Тошкент. 5 декабр. ЎзТАГ – Кеча Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди, деб хабар беради Ўзбек  телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ялпи мажлисда сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар”, - дейилади Сенат ахборот хизмати хабарида.

2014 йилда давлат ҳокимияти тизимини янада демократлаштиришга қаратилган, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган тузатишларни амалга ошириш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонунларга, бир қатор бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. 

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига бир қатор ўзгартишлар киритилди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунларга ва бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилди. Жумладан, Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари кенгайтирилди. Энди унинг зиммасига халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов комиссияларининг фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлаш функциялари юкланмоқда, сайлов тизимини янада демократлаштиришга қаратилган бошқа қўшимчалар ҳам киритилди. 

Мажлис давомида корпоратив бошқарув соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар кўриб чиқилди.

Шундан сўнг сенаторлар “Ветеринария тўғрисида”ги (янги таҳрири) Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Мажлисда таъкидланганидек, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат мамлакатимизда ветеринария хизматини янада ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини аниқ мустаҳкамлаб берди. 

 Сенаторлар “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги (янги таҳрири) Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. 

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботини тингладилар. Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқладилар. 

Жами, Сенат ялпи мажлисининг якунларига кўра 15 масала, шу жумладан, 7 қонун кўриб чиқилди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: