Ўзбек сенаторлари томонидан экология соҳасидаги икки қонун маъқулланди

Дата: 15:38, 26-08-2016.

Тошкент. 26 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон сенаторлари томонидан экология соҳасидаги икки қонун маъқулланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Улар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлисининг биринчи иш кунида кўриб чиқилди. Хусусан, сенаторлар “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини (янги таҳрири) кўриб чиқдилар. Унда қонуннинг асосий мақсади ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришдан, ҳайвонот дунёси объектларидан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта ҳосил қилиш тизими самарадорлигини оширишдан, уларнинг яшаш муҳитини сақлашдан, шунингдек, қонуннинг тўғридан-тўғри таъсир қилишини таъминлашдан иборат.

Қонунда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга ва ундан оқилона фойдаланишга қаратилган амалий чора-тадбирларни рўёбга чиқаришда давлат органларининг, шунингдек, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқароларнинг ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда. 

 “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрири ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга, ундан оқилона фойдаланиш тизимининг самарадорлигини оширишга, атроф-муҳит бус-бутунлигини ва ёввойи ўсимликлар ўсадиган муҳитни сақлашга қаратилган. 

Қонунда ўсимлик дунёси муҳофаза қилинишини ва ундан оқилона фойдаланилишини таъминлаш борасидаги субъектларнинг ваколатлари, ўсимлик дунёси объектларини олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи ўсимлик турларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, карантин тадбирларини ўтказиш талаблари аниқ белгилаб берилган. 

Маълумот ўрнида, 24-25 августда Тошкентда Олий  Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: