Ўзбек шахматчиси амалдаги жаҳон чемпиони устидан ғалаба қозонди
Тошкент. 29 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик шахматчи Шамсиддин Воҳидов амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен устидан ғалаба қозонди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Шаҳмат федерациясининг 28 декабрда хабар қилишича, Санкт-Петербург (Россия) шаҳрида ўтказилаётган шахматнинг рапид йўналишлари бўйича жаҳон чемпионатидаги партияда ўзбекистонлик халқаро шахмат устаси Ш. Воҳидов қора доналарда амалдаги жаҳон чемпиони М. Карлсен устидан ғалабага эришди.
“Карлсен 22-юришдаги қўпол хатодан кейин фарзинни қурбон қилишга қарор қилди. Шамсиддин бундан усталик билан фойдаланган ҳолда рақибини 36-юришда таслим бўлишга мажбур қилди”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамизки, норвегиялик шахматчи М. Карлсен – шахмат бўйича 16-амалдаги жаҳон чемпионидир. У шахмат тарихидаги биринчи мутлоқ жаҳон чемпиони бўлиб, 2013 йилдан бери классик шахмат бўйича жаҳон чемпиони, 2014-2016 йилларда рапид бўйича жаҳон чемпиони ва 2014-2015, 2017 йилларда блиц бўйича жаҳон чемпионидир.
Сурат манбаи: http://xs.uz