Ўзбек шахматчиси Москва Кубоги ғолиби бўлди

Дата: 13:47, 22-12-2015.

Тошкент. 22 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик Халқаро шахмат устаси Элбек Алиқулов Москва Кубоги ғолиби бўлди. Ушбу турнир яқинда Воробьев тоғларидаги Пионерлар саройида бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Sehrli Shahmat” шахмат клубидан маълум қилишларича, Ўзбекистон вакили ғолибликни турнир охирига бир тур қолганидаёқ эгаллади.

Ўзбек шахматчиси ўзининг асосий рақиби Москвада яшаб, Қозоғистон байроғи остида ўйнаётган ФИДЕ устаси Арман Ержановни оқ доналар билан ўйнаб мағлуб этди ҳамда очколарини максимал кўрсаткич – 7тага етказди ва энг яқин таъқибчисидан 1,5 очкога илгарилаб кетди. Натижада Алиқулов шахмат бўйича 2015 йилги Москва кубоги соҳибига айланди.

Эслатиб ўтамизки, турнир 2 босқичда ўтказилди. Аввало бир йил давомида саралаш мусобақалари ўтказилиб, унда финал иштирокчилари Москва турнирларида швейцар тизими бўйича балллар йиғиндиси бўйича сараланди. Кейинчалик финалда 6 энг яхши иштирокчилар ва Москва Шахмат федерациясидан шахсан таклиф этилган шахматчилар ўйнадилар.

Ҳозирда “Sehrli Shahmat” шахмат клуби аъзоси Элбек Алиқулов Россия Жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети талабасидир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: