Ўзбек солиқчилари 1 апрелга қадар даромадлар ҳақида декларацияларни қабул қиладилар

Дата: 17:33, 24-03-2016.

Тошкент. 24 март. ЎзТАГ – Ўзбек солиқчилари 1 апрелга қадар жисмоний шахслардан ялпи йиллик даромадлар ҳақидаги декларацияларни қабул қиладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган матбуот анжумани ушбу мавзуга бағишланди.

Амалдаги қонучиликка мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролари асосий иш жойидан ташқари ўриндошлик асосида бошқа корхоналарда ишлаган ҳолда, мулкини ижарага бериш орқали ёки қонучиликда таъқиқланмаган бошқа фаолият билан шуғулланган ҳолда чекланмаган миқдорда даромад олишлари мумкин. Ушбу даромадлар белгиланган тартибда солиққа тортилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 189-моддасига асосан, жисмоний шахслар 2015 йил давомида олган мулкий даромадлари, агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса, фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олинган даромадлари декларация асосидаги солиқларга киради.
Шунингдек, асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарзидаги даромадлар,
икки ёки ундан кўп манбадан олинган даромадлар, республика ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар ҳам солиққа тортилади.

Декларацияни доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига шахсан ташриф буюрган ҳолда ёки ишончли вакил орқали ёки почта хизматидан фойдаланиб, буюртма хат орқали ҳамда электрон шаклда тақдим этиш мумкин.
Солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлари юзасидан 2016 йилнинг 1 апрелидан кечиктирмасдан жами йиллик даромадлари тўғрисида декларация тақдим этишлари лозим.

Жисмоний шахслар жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки унда атайин нотўғри маълумотларни тақдим этиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 174-моддаси 3-қисмига асосан жарима солишга сабаб бўлади. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: