Ўзбек суғуртачиси абитуриентларни суғурта қилиш хизматини жорий қилди
Тошкент. 2 июл. ЎзТАГ – “Кафолат” суғурта компанияси” акционерлик жамияти абитуриентлар учун суғурта хизматини жорий қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) компания матбуот хизматига асосланган ҳолда.
Маълумотга кўра, ширкат томонидан “Абитуриентлар учун суғурта” суғурта маҳсулоти ишлаб чиқилган. Янги хизмат олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига кираётган абитуриентларни бахтсиз ҳодисалардан муҳофаза қилишга қаратилган. Ушбу хизмат Ўзбекистон суғурта бозорида янгидир.
“Суғурта бадалларини нақд, пластик карта ёки онлайн услубда тўлаш мумкин. Бу эса суғурта хизматларини суғурта компаниясига ташриф буюрмасдан олиш имконини беради”, – деб таъкидланади хабарда.
Эслатиб ўтамизки, “Кафолат” суғурта компанияси” акционерлик жамияти 1997 йилда ҳукумат қарорига мувофиқ ташкил қилинган. Компания кенг турдаги суғурта хизматлари кўрсатади. Унинг республика бўйлаб 170 бўлимлари мавжуд.
2014 йилда компания 42 млрд сўм суғурта мукофотлари йиғган. Бу, 2013 йилдаги кўрсаткичдан 12,5 млрд сўм кўп. Компаниянинг мамлакат суғурта бозоридаги улуши 9,2% тенг бўлиб, 33 суғуртачилар орасида 4-ўринда.