Ўзбек тадбиркорлари Европа иттифоқи компанияларида стажировкадан ўтадилар
Тошкент. 10 декабр. ЎзТАГ – Ўзбек тадбиркорлари Европа иттифоқи компанияларида стажировкадан ўтадилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Европа иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Бошқарув кардрларни тайёрлаш дастури (MTP) –Ўзбекистонда кичик бизнес корхоналари раҳбарларининг салоҳиятини ошириш” лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда Европа иттифоқи корхоналарида Ўзбекистондаги кичик бизнес корхоналари менежерлари малакасини ошириш учун аризалар қабул қилишини эълон қилади. Малака ошириш Европа иттифоқининг 28 мамлакатидаги корхоналарда амалга оширилиб, улар ўзаро келишув асосида иштирокчилар ёки лойиҳа томонидан танланиши мумкин”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги сайтида жойлаштирилган маълумотда.
Лойиҳанинг асосий мақсади – Ўзбекистонда кичик бизнесни самарали бошқариш ва унинг узоқ келажакдаги барқарор ривожланишини таъминлашга қодир малакали ва салоҳиятли тадбиркор ҳамда менежерлар сонини кўпайтиришдир. Ушбу мақсадга етиш учун лойиҳа Ўзбекистонлик кичик бизнес раҳбарларини Европа иттифоқи мамлакатларида стажировкага юборади.


