Ўзбек тадбиркорлари Москвада $64 млнлик шартномалар имзоладилар

Дата: 21:28, 15-02-2017.

Тошкент. 15 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари томонидан Москвада бўлиб ўтган “Продэкспо-2017” халқаро кўргазмасида $64 млнлик экспорт шартномалари имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“24- халқаро кўргазмада “Ўзагроэкспорт”, “Intersok”, “Mavis”, “Tillaxon”, “Hydrolife Agro Eco” каби маҳаллий ширкатлар ўз маҳсулотларини намойиш қилдилар. Фондимиз  Ўзбекистон тадбиркорларининг миллий экспозициясини ташкил қилди”, - деб иқтибос келтиради Nuz.uz нашри Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маркетинг бўлими ходими Моҳинур Бурҳоновадан.

Кўргазмада МДҲ давлатлари, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Туркия, Хитой, Жанубий Корея ва Эрон каби 50дан ортиқ мамлакатдан 2 мингдан зиёд иштирокчи ўз маҳсулотлари билан қатнашди, 29 мамлакатнинг миллий экспозицияси ташкил қилинди. 

Ўзбекистон 180 турдан зиёд мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотларни дунё бозорларига экспорт қилмоқда. Сўнгги уч йилда ташқи бозорга йўналтирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми уч баробардан ошди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: