Ўзбек тадбиркорларига “GLOBALG.A.P.” стандарти бўйича сертификатлаш соддалашди ва арзонлашди

Дата: 14:55, 30-01-2018.

Тошкент. 30 январ. ЎзТАГ – Асосида давлат стандарти ишлаб чиқилгани муносабати билан Ўзбекистон компаниялари агромаҳсулотлар учун “GLOBALG.A.P.” халқаро стандарти сертификатини тезроқ ва арзонроқ олишлари мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида бугун БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатдаги ваколатхонаси матбуот хизмати маълум қилди.

Янги давлат стандартини қабул қилиш фойдали томонлари кўп. Авваллари маҳаллий қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилари ўз товарларини “GLOBALG.A.P.” стандарти бўйича сертификатлаш учун хорижий компанияларга мурожаат қилишга мажбур бўлар эдилар.

 Бугунги кунда эса “GLOBALG.A.P.” талаблари асосида мақбул қишлоқ хўжалик амалиёти давлат стандарти тасдиқланиши туфайли маҳаллий сертификатлаш органлари ҳам бу амалиётни бажаришлари мумкин. Мазкур янгилик сертификат олишга кетадиган молиявий ҳаражатлар ва вақтни қисқартириб, ишлаб чиқарувчилар учун тўловни миллий валютада амалга оширишларига имкон беради.

 Эслатиб ўтамизки, “GLOBALG.A.P.” – G.A.P. – GoodAgriculturalPractice  – бу етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳавфсизлигини ҳамда ишлаб чиқариш технологик занжирининг замонавий сифат ва техника талабларига мувофиқлигини таъминлашга қаратилган эътироф этилган халқаро стандартлар тизимидир.

Хозирги вақтда “GLOBALG.A.P.” тизимида дунёнинг 124 мамлакатидан зийод қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилари сертификатланганлар, сертификатга эга хўжаликлар сони 180 мингдан ортиқ бўлиб, уларнинг 75% ўсимликшунослик маҳсулотлари (сабзавот ва мевалар)га тўғри келади.

Кўплаб хорижий компаниялар учун “GLOBALG.A.P.” сертификатининг мавжудлиги - агромаҳсулот билан савдо қилишнинг муҳим шартларидан биридир. Халқаро чакана савдо тармоқлари ва супермаркетлар, сифати халқаро стандартлар томонидан тасдиқланган маҳсулотларни харид қилишга қизиқиш билдиришади.   

Сурат манбаи: https://www.globalgap.org/uk_en/for-producers/globalg.a.p./

Янгилик билан ўртоқлашиш: