Ўзбек талабалари француз режиссёри Винсент Кардонадан маҳорат сирларини ўрганадилар

Дата: 12:54, 03-12-2014.

Тошкент. 3 декабр. ЎзТАГ – Ўзбек талабалари француз режиссёри Винсент Кардонадан маҳорат сирларини ўрганадилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақидаги маълумот Anons.uz сайтида эълон қилинди.

Хусусан, 3-5 декабр кунлари француз кино устаси Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида семинар-тренинг ўтказади.

Уч кунлик маҳорат дарсларида 30 яқин “режиссура” ва “овоз режиссураси ва операторлик маҳорати” йўналишларида таълим олувчи талабалар иштирок этадилар.

Улар Париждаги таниқли La Fémis Олий миллий кино мактаби талабалари томонидан диплом ишлари сифатида суратга олинган қисқа метражли фильмларни томоша қилиш орқали замонавий француз киносини ўрганадилар, шунингдек, кинога олишнинг баъзи услубларини кўриб чиқадилар.

La Fémis мактабининг собиқ ўқувчиси Винсент Кардона ҳам режиссёр, айни пайтда ёритиш техниги ва актёр ҳамдир. Унинг диплом иши - “Қаердадир, дунё чегарасида” номли фильми 2010 йилги Канн фестивалидаги “Синефондасьон” дастурининг иккинчи мукофотини олган.

Турли қисқа метражли ва ўртаметражли фильмлар муаллифи бўлган Винсент Кардона бугунда янги картина устида ишламоқда, деб ёзади сайт.

Янгилик билан ўртоқлашиш: