Ўзбек ташқи сиёсий муассасасида Буюк Британия ТИВ раҳбарининг ўринбосари қабул қилинди

Дата: 17:50, 06-04-2016.

Тошкент. 6 апрел. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизга ташриф буюрган Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Қўшма Қироллигининг ташқи ишлар ва ҳамдўстлик ишлари бўйича вазири ўринбосари Тобиас Эллвудни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Суҳбат чоғида турли соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашувда таъкидланганидек, бугунги кунда кузатилаётган давлатлараро муносабатларнинг ижобий динамикаси, жумладан парламентлар ва ташқи ишлар вазирликлари ўратасидаги алоқалар Ўзбекистон-Буюк Британия конструктив мулоқотининг истиқболли йўналишларини изчил мустаҳкамлашга бўлган ўзаро қизиқишни тасдиқлайди.

Ўзбекистон ва Буюк Британия ўзаро савдо ҳамда инвестицияларни жалб қилган ҳолда қўшма корхоналар ташкил этишга ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор соҳаси сифатида қарайди. Бугунги кунда мамлакатимизда британиялик сармоядорлар иштирокида 547 та корхона фаолият юритмоқда, шулардан 151 таси 100 фоизлик хорижий сармоя асосида ташкил этилган.

Учрашувда Тошкентдаги Вестминстер Университети маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг муваффақиятли намуналаридан бири сифатида эътироф этилди.

“Буюк Британия Элчиси Кристофер Аллан иштирок этган мазкур музокараларда халқаро кун тартибнинг долзарб масалалари, шу жумладан Афғонистондаги вазият ҳам кўриб чиқилди”, - дейилади ТИВ хабарида. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: