Ўзбек телеканали МДҲда илк маротаба футбол ўйинларини кўптилли трансляция қилишни бошлади
Ташкент. 13 июня. УзТАГ – Uzreport TV ўзбек телеканали Евро-2016 турнири ўйинларини трансляция қилиш учун кўптилли инновацион технологиядан фойдаланишни бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Телеканал мухлислари учрашувлар трансляциясини бир вақтнинг ўзида ўзбек ёки рус тилдаги версиялардан бирини ўз истакларига кўра танлаган ҳолда томоша қилиш имкониятига эга бўлишди. Футбол трансляцияларидаги бундай инновацион янгилик нафақат Ўзбекистонда, балки МДҲ давлатлари ичида ҳам биринчи бор йўлга қўйилганини алоҳида айтиб ўтиш керак”, - деб таъкидлашди телеканал матбуот хизматида.
“Телеканал мухлислари футбол ўйинларини қайси тилдаги шарҳда томоша қилишни ўзлари танлашлари мумкин бўлади. Бунинг учун масофавий бошқарув пультидаги “Созлаш” бўлимида зарур трансляция тилини танлаш лозим. Ҳозирча бундай имкониятдан йўлдошли антенна эгалари ва IPTV хизмати абонентлари фойдаланишлари мумкин бўлади. Ушбу янгилик кўплаб мухлисларимизга хуш келади, деб умид қиламиз”, - деди телеканал техник директори Саидумар Ходжаев.
Унинг сўзларига кўра, техник жиҳатдан амалга оширилган ушбу янгилик босқичма-босқич кенгайтирилиб борилади. Келгусида телетомошабинлар нафақат футбол ўйинларини, балки “Uzreport TV” телеканалидаги барча дастурларни бир вақтнинг ўзида рус ёки ўзбек тилларида томоша қилишлари мумкин бўлади”, - дея қўшимча қилди Саидумар Ходжаев.
Эслатиб ўтамизки, Евро-2016 ўйинларининг плей-офф босқичидан бошлаб финалга қадар Россиянинг “МАТЧ ТВ” телеканали шарҳловчиси Александр Елагин шарҳлаб боради.