Ўзбек телекоммуникация ва IT-корхоналари хизматлар ҳажмини 25,4% кўпайтирдилар

Дата: 12:21, 29-07-2015.

Тошкент. 29 июл. ЎзТАГ – 2015 йилнинг биринчи ярмида ўзбек телекоммуникация ва IT-корхоналари 2,17 трлн сўмлик хизматлар кўрсатиб, хизматлар ҳажмини 2014 йилнинг муқобил давридагига қараганда 25,4% оширдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ҳайъатининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш бўйича ишлар сарҳисобига бағишланган мажлиси доирасида эълон қилинди.

“Компьютер дастурлаш бўйича хизматлар ҳажми 12,2% кўпайиб, 110,1 млрд сўмга етди. Халқаро ахборот тармоқларидан фойдаланиш умумий тезлиги йил бошига нисбатан 30% ўсиб, 21,25 Мбит/с.ни ташкил қилди. Интернетга юқори тезликда уланишга имкон берувчи портлар сони 699,3 мингга етиб, улар сони 21,4% ўсди”, – деб таъкидлашди вазирлик матбуот хизматида.

Бундан ташқари, халқаро коммутация марказига уланувчи оператор ва провайдерлар учун интернет-хизматлари пакетлари тарифлари йил боши билан солиштирганда 20,2%, яъни 1 Мбит/с. учун $206,97гача, 2014 йилнинг шу даври билан солиштирганда 32,5% камайтирилди.

$1 = 2575,18 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: