Ўзбек теннисчи қизлари WTA рейтингида юқорига кўтарилди
Тошкент. 2 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик теннисчи қизлар Нигина Абдураимова ва Оқгул Оманмуродовалар Аёллар теннис ассоциациясининг (WTA) бугун эълон қилинган рейтингида юқорига кўтарилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Хусусан, Нигина Абдураимова рейтингнинг 162-поғонасини (2 ўрин юқорига) эгаллаган бўлса, Оқгул Омонмуродова 196-ўринга чиқди (13 ўрин юқорига).
Айни пайтда 20-ёшли Нигинада ҳали яна ўсиш имконияти мавжуд. Чунки спортчи 2014 йил 29 сентябрда рейтингнинг 144-ўрнида эди.
Шу билан бирга, 30-ёшли Оқгул рейтингда анча юқорилаганига қарамасдан, ёши туфайли илгарилаши қийин кечиши мумкин. 2008 йил 26 майда у рейтингнинг 50-поғонасига чиққан эди.
Ҳозирда рейтингнинг биринчи поғонасида Серена Уильямс (АҚШ), иккинчи ўринда Мария Шарапова (Россия) ва учинчи ўринда Симона Халеп (Румыния) боришмоқда.
Эслатиб ўтамизки, ўтган ҳафта Катта шлем туркумига кирувчи Australian Open турнири якунига етган эди. Унда финалда Уильямс Шараповани 2:0 ҳисобида енгди.