Ўзбек теннисчилари АТР рейтингида турли натижа кўрсатдилар
Тошкент. 2 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик теннисчилар Денис Истомин ва Фарруҳ Дўстов Профессионал теннис ассоциациясининг (АТР) рейтингида турлича натижа кўрсатдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин рейтингда бирданига 11 поғона пастлаб, 61-ўринни олди. Фарруҳ Дўстов эса 3 ўринга юқори кўтарилиб, 118-ўринга чиқди.
Айтиб ўтиш зарурки, 28-ёшли Денисни ҳали қатордан чиқариб ташлашга анча эрта. Чунки 2012 йилнинг 27 августида у рейтингдаги энг яхши натижаси – 33-ўринга чиққан эди. Унинг бу натижани янада яхшилашига умид қиламиз.
Шу билан бирга, унинг тенгдоши Фарруҳ бугунда карьерасидаги энг юқори натижага эришди.
АТР рейтингининг биринчи поғонасида сербиялик Новак Жокович, иккинчи ўринда швейцар Рожер Федерер, учинчида эса испаниялик спортчи Рафаель Надаллар боришмоқда.
Маълумот ўрнида 2015 йилдаги Катта шлем туркумига кирувчи Australian Open турнири якунига етди. Ундаги финал баҳсида Жокович 3:1 ҳисобида британиялик Энди Маррейни доғда қолдирди.