Ўзбек тенори Минскдаги биринчи Халқаро вокалчилар конкурси совриндони бўлди

Дата: 15:06, 18-12-2014.

Тошкент. 18 декабр. ЎзТАГ – Ўзбек тенори Рамиз Усмонов Минскдаги биринчи Халқаро Рождество вокалчилар конкурсининг Гран-при соҳиби бўлди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Конкурсда дунёнинг 20 мамлакатидан 155 хонанда қатнашди. Ғалабаси учун Рамиз Усмонов 10000 евро миқдорда пул мукофоти олди”, – дейилади конкурс ташкилотчилари хабарида.

А.Навоий номидаги Давлат академик катта театри маълумотларига кўра, Р.Усмонов Жиззах вилоятининг Арнасой туманида туғилган. 1996 йилда Ю.Ражабий номидаги мусиқа билим юртига “рубоб” йўналишига ўқишга кирган. 2000 йилда Ўзбекистон Давлат консерваториясига кириб, бу ерда Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган артист, доцент А.Абдуқодировнинг “академик вокал” синфида ўқий бошлаган.

2000 йилда А.Навоий номидаги Давлат академик катта театри стажерлик гуруҳига қабул қилиниб, 2005 йилдан бошлаб театропера труппаси солистидир.

Эслатиб ўтамизки, конкурс жорий йилнинг 10-18 декабр кунлари ўтказилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: