Ўзбек ТИВ ватандошларни Қирғизистонда рўйхатдан ўтиш тартиби ҳақида огоҳлантирди
Тошкент. 11 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) ватандошларни Қирғизистонда рўйхатдан ўтиш тартиби ҳақида огоҳлантирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Қирғизистон Республикаси Ҳукуматининг 2016-йил 19-декабрдаги 689-сонли “Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги йўқ шахсларнинг Қирғизистон ҳудудида рўйхатдан ўтиши” тўғрисидаги қарорига мувофик, чет элликлар, шу жумладан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам Қирғизистон Республикаси давлат чегарасини кесиб ўтган кундан бошлаб 5 (беш) иш куни мобайнида рўйхатдан ўтишлари шарт”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.
Қирғизистон ҳудудида ўрнатилган тартибларга риоя қилмаган шахсларга нисбатан Қирғизистон Республикаси қонунчилигида белгиланган 10 минг қирғиз сўми миқдорида жарима солинади.
Маълум қилинишича, батафсил маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг Қирғизистон Республикасидаги Элчихонаси расмий веб-саҳифасидан (www.uzbekistan.kg) ёки Элчихонанинг консуллик бўлимига қуйидаги телефон орқали мурожаат қилиб олиш мумкин: +996 (312) 986-296.
Сурат манбаи: https://www.uzdaily.uz/articles-id-36049.htm