Ўзбек томони Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифини тасдиқлади

Дата: 13:49, 05-09-2017.

Тошкент. 5 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбек томони Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифини тасдиқлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Алмазбек Атамбоевнинг таклифига биноан 2017 йил 5-6 сентябр кунлари давлат ташрифи билан Қирғизистон Республикасида  бўлади”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Шундан кейин таъкидланишича, олий даражадаги учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари ўзаро муносабатларни ривожлантиришнинг асосий масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, мамлакатларимизнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш, шунингдек, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қилишади.

“Музокаралар якунлари бўйича икки давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегараси ҳақидаги шартнома, мамлакатларимиз ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган”, - дейилади хабарда.

Олдинроқ КирТАГ ҚР президенти маъмуриятига асосланган ҳолда Ш.Мирзиёевнинг Бишкекка ташрифи 5-6 сентябр кунлари бўлиб ўтишини маълум қилган эди. У ташриф доирасида А.Атамбоев ва бош вазир Сапар Исаковлар билан учрашади.

Маълумот ўрнида, Ш.Мирзиёев Қирғизистонга президент сифатида илк марта ташриф буюради. У қўшни республикага охирги марта 2000 йилда борган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: