Ўзбек товар хом-ашё биржаси интерактив хизматларни кўпайтирмоқда
Тошкент. 22 январ. ЎзТАГ – Ўзбек Республика товар хом-ашё биржаси веб-порталида форум ишга туширилди. Бу ерда истаган киши ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олиши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Биржадан маълум қилишларича, форум ЎзРТХБ АКТ ёрдамида мижозларга кўрсатилаётган интерактив хизматларидан биридир. Форум иши мижозлар ва биржа мутахассислари ўртасида мулоқот ўрнатишга қаратилган.
Форум ишида қатнашиш учун биржа порталининг махсус бўлимида (forum.uzex.uz) рўйхатдан ўтиш зарур.
ЎзРТХБда жорий этилган янги хизматлардан бири электрон мурожаатлар тизимидир. У ушбу шаклда мурожаат қилиб, ариза мақомини онлайн режимда (fuqarolar.uzex.uz) кузатиш имконини беради.
Бунинг учун электрон ариза шаклини тўлдириб (fuqarolar.uzex.uz/AskQuestion.aspx), кўрсатилган электрон манзилга жўнатилган код ёрдамида мурожаатнинг кўриб чиқилишини кузатиш мумкин.
Шунингдек, порталда “Онлайн маслаҳат” интерактив хизмати ҳам йўлга қўйилди. Ушбу хизмат махсус рўйхатдан ўтишни талаб қилмайди ва исталган кишининг биржа фаолияти ҳақидаги саволлорга жавоб олишига имкон беради.