Ўзбек-тожик чегарасида Фарҳод ГЭСи тўғони ҳудудида атига битта келишилмаган участка қолди
Тошкент. 19 апрел. ЎзТАГ – Ўзбек-тожик чегарасида Фарҳод ГЭСи тўғони ҳудудида атига битта келишилмаган участка қолди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Asia-Plusга таянган ҳолда.
Нашрнинг Тожикистон ҳукуматидаги манбага асосланиб маълум қилишича, унинг узунлиги 2 километр бўлиб, бу ерда чиқиндихона жойлашган.
“Ушбу участка Тожикистоннинг Сўғд вилояти ва Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти чегараси кесишган жойда. Бу ерда бошқа ҳеч қандай объектлар, аҳоли пунктлари йўқ, фақат чиқиндихона мавжуд”, - дея маълум қилди манба.
Ушбу участка Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга куз бошига мўлжалланган ташрифи доирасида расман келишилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, тожик-ўзбек давлат чегарасининг баъзи участкалари бўйича Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги шартнома Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега 9-10 мартдаги давлат ташрифи доирасида имзоланган эди. Бугун, 19 апрелда тожик парламенти юқоридаги шартномани маъқуллаши кутилмоқда.
Сурат манбаи: http://www.aloqada.com/m/news/2018/03/01/otkrylis-devyat-punktov-propuska-cherez-uzbeksko-tadzhikskuyu-granicu