Ўзбек-туркман бизнес форуми доирасида томонлар қиймати $250 млндан зиёдлик келишувларга эришдилар

Дата: 13:30, 26-04-2018.

Тошкент. 26 апрел. ЎзТАГ – Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Тошкентда бўлиб ўтган ўзбек-туркман бизнес форуми доирасида томонлар қиймати $250 млндан зиёдлик келишувларга эришдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу форум Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Инвестициялар давлат қўмитаси, Туркманистон Республикаси савдо вазирлиги, Туркманистон Савдо-саноат палатаси, Туркманистон Саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмаси тарафидан ташкил этилди.

“Бизнес форум якунлари бўйича савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама этилди. Бундай тадбирларни бир йилда икки бор ўтказиш ҳақида келишувга эришилди”, - дейилади Ўзбекистон ССП ахборот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Республикасида туркман томони иштирокида 11 корхона, шу жумладан, 10 қўшма ва 1 юз фоизлик туркман капиталига очилган корхона фаолият юритмоқда. Улар фаолиятининг асосий йўналишлари: савдо ва хизматлар соҳаси, текстиль саноати, безак материаллари ва мебель ишлаб чиқаришдир.

Туркманистон ҳудудида Ўзбекистон Республикаси резидентлари иштирокида 2 корхона ташкил қилинган. Улар саноат маҳсулотларини туркман бозорига экспорт қилиш мақсадида ташкил этилган.

Сурат манбаи: https://johncolemanblog.com/

Янгилик билан ўртоқлашиш: