Ўзбек турвакилларига хитой бозорига чиқиш учун онлайн бизнес платформадан фойдаланиш имкониятини бериш режалаштирилмоқда

Дата: 16:41, 04-07-2018.

Тошкент. 4 июл. ЎзТАГ – Ўзбек турвакилларига хитой бозорига чиқиш учун онлайн бизнес платформадан фойдаланиш имкониятини бериш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ЎзР Туризмни ривожлантириш қўмитасига таянган ҳолда.

Бу масала Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида Чанша шаҳри (Хитой) Миллий юқори технологиялар саноат ривожланиш зонаси вакиллари билан учрашувда муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б. Умаров меҳмонларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништириб, Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти ҳақида сўзлаб берди.

“Учрашувда тарафлар ҳамкорликнинг мумкин бўлган йўлларини муҳокама қилдилар, хусусан, Миллий юқори технологиялар саноат ривожланиш зонаси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва сайёҳлик фаолияти субъектларига онлайн бизнес платформадан бепул фойдаланиш имконини беришни таклиф этишди. Бу компанияларга Хитой бозорига мустақил кириш ва маҳаллий компаниялар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, мамлакатлар ўртасида виза режимини соддалаштириш ва виза марказини очиш масалалари муҳокама қилинди. Саноат зонаси вакиллари Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан муҳокама чоғида бу масалада ёрдам бериш тайёр эканликларини билдирдилар.

 

Сурат манбаи: https://uzbektourism.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: