Ўзбек ва австралия олий таълим муассасалари қўшма тадқиқотлар ўтказадилар

Дата: 16:07, 14-11-2017.

Тошкент. 14 ноябр. ЎзТАГ – Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ва “Curtin University” (Австралия) вакиллари таълим ҳамда ахборот технологиялари соҳасида тадқиқотлар олиб бориш учун ҳамкорликни ўрнатиш тўғрисида келишиб олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

IUT маълумотларига кўра, IUT ва “Curtin University” ўртасида имзоланган ўзаро англашув тўғрисидаги меморандум ҳам шунга йўналтирилган.

Инҳа университети ректори Сарвар Бабаходжаевнинг сўзларига кўра, ҳужжатга мувофиқ университетлар ҳамкорликда тадқиқотлар, тренинглар ва ривожланиш лойиҳаларини ўтказишни режалаштиришган.

Шунингдек, томонлар таълим олиш учун талабалар ва ўқитувчилар билан ҳам алмашишни ташкил этишни режалаштиришмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари  “Curtin University”нинг магистратура ва докторантурасида таълим олиш имкониятига эга бўладилар, деди Сарвар Бабаходжаев.

Шунингдек, томонлар “1+1” кўринишида магистратура дастурини очишни режалаштиришмоқда, яъни талабалар бир йил IUT да ва бир йил “Curtin University”да таҳсил оладилар.

IUT ва “Curtin University” ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири ҳисоблаш физикаси, ядро астрофизикаси, компьютер фанлари ва ахборот технологиялари ва ҳ к. соҳаларда ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказиш бўлади, деб таъкидлади IUT ректори.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Австралиянинг университети билан ҳамкорлик доирасида “Curtin University” профессорларини дарс беришга таклиф қилади.

Эслатиб ўтамизки, “Curtin University” Австралиянинг етакчи университетларидан бири бўлиб, ҳозирда олий ўқув юрти Австралиянинг уч шаҳрида, шунингдек, Сингапур, БАА ва Малайзия давлатларида ҳам ўз филиалларига эга. Университетда бугунги кунда 58 минг нафардан ортиқ талабалар ахборот технологиялари, гуманитар, тиббиёт ва бошқа йўналишларда таълим олишмоқда. Улардан 40% эса хорижлик талабалардир.

Бундан ташқари, “Curtin University” дунё университетларининг турли рейтингларидан жой олган. Жумладан, Австралия университети “Academic Ranking of World Universities 2017” талқини бўйича дунёнинг энг яхши 1 фоиз университетлари қаторига киритилди. “Curtin University” ҳозирда дунёнинг 20 дан зиёд олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилади. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: