Ўзбек ва немис банклари 100 млн еврога келишув имзоладилар

Дата: 10:29, 21-02-2018.

Тошкент. 21 феврал. ЎзТАГ – 19 феврал куни Франкфурт Майнда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Германиянинг “AKA Bank” (AKA Ausfuhrkredit-Gesellschaft mbH) ўртасида 100 млн. евролик кредит шартномаси имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Миллий банк маълумотига кўра, келишув Ўзбекистоннинг Европа мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга қаратилган.

Шартнома, хусусан, ГФР ва Европа Иттифоқининг бошқа давлатларидан товарлар ҳамда хизматлар импортини ўз ичига олган инвестиция лойиҳаларини, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун банкка кредит линияси ажратилишини назарда тутади.

Кредит шартномаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2017 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикаси билан икки томонлама ҳамкорлигини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3414-сонли қарори ижроси доирасида имзоланди.

Шунингдек, ушбу шартнома Ўзбекистон Республикаси бош вазири А.Н.Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегациясининг 2017 йилнинг 14-17 ноябр кунлари Германияга қилинган сафари доирасида амалга оширилган келишувларнинг амалий ифодасидир.

Сурат манбаи: https://eadaily.com/ru/news/2017/11/11/estonskiy-nalogoplatelshchik-otdal-na-krizis-na-ukraine-uzhe-67-mln-evro

Янгилик билан ўртоқлашиш: