Ўзбек ва тожик бизнесменлари Душанбеда $35млнлик 20 шартномалар имзоладилар

Дата: 12:52, 21-04-2017.

Тошкент. 21 апрел. ЎзТАГ – Ўзбек ва тожик бизнесменлари Душанбеда $35млнлик 20 шартномалар имзоладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тожик ОАВ маълумотига кўра, шартномалар Тожикистон пойтахтида ўтказилган бизнес-форум якунида имзоланган.

Хусусан, ўзбек кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиси "Ўзкимёсаноат" компанияси турли навдаги минерал ўғитларни Тожикистонга етказиб бериш бўйича қиймати $28,4 млнлик бешта шартнома тузди. 

"Ўзавтосаноат" ўз маҳсулотларини "Лесинвест" ва "Тадж Моторс" тожик компанияларига етказиб бериш бўйича $1,8 млнлик келишув имзолади. Шунингдек, "Ўзавтосаноат" автомобилсозлик ширкати ва унга кирувчи корхоналар автомобиль эҳтиёт қисмлари етказиб бериш бўйича тўртта ҳужжат имзолади. Бу келишувларнинг қиймати келтирилмаган.

Бундан ташқари, учрашув доирасида икки давлат ишбилармон доиралари Тожикистонга қурилиш материаллари етказиб бериш бўйича тўртта шартнома имзоладилар. Қиймати $500 минглик бу келишувлар жорий йил давомида амалга оширилиши керак. 

Шунингдек, Тожикистонда ўзбек озиқ-овқат маҳсулотларини етказиш режаси ҳақидаги баённома имзоланди. "Ўзбекозиқовқатхолдинг" ва "Иқтидор" тожик компаниялари ўртасида имзоланган $2 млнлик шартнома 2017-2018 йиллар учун ҳамкорликни кўзда тутади.

"Ўзэлтехсаноат" компанияси ва "Нематбахш" тожик компанияси ўртасида Тожикистонга $2,5 млнлик электр маиший товарлар етказиб бериш бўйича 2017 йилга мўлжалланган меморандум ҳам имзоланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: