Ўзбек ватандошлар ислоҳотларга ҳисса қўшишга интилишларини билдирдилар

Дата: 14:06, 11-06-2018.

Тошкент. 11 июн. ЎзТАГ – Ўзбек ватандошлар ислоҳотларга ҳисса қўшишга интилишларини билдирдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида 9-июн куни Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги ва Буюк Британиядаги Элчихонаси томонидан қатор ўқув юртлари талаба ва ўқитувчилари, Лондон ҳамда Британия ва Норвегиянинг бошқа шаҳарларида истиқомат қилаётган ватандошлар билан видеоконференция шаклидаги мулоқотда сўз борди.

“Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби магистранти Диёра Рафиева, Кембриж университети битирувчиси Тимур Юнусов ва бошқалар ватанимизда ҳаётнинг деярли барча соҳаларида олиб борилаётган ўзгаришларни илиқ кутиб олдилар ва қизғин қўллаб-қувватладилар ва унга ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликларини изҳор этдилар”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Таъкидланганидек, президент Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар ватандан узоқда бўлган ҳамюртларимизда қизиқиш уйғотмоқда, шунингдек, хорижий давлат раҳбарлари, жамоатчилиги ва ОАВ томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

“Бўлиб ўтган суҳбат давомида келажакда ҳамкорлик қилиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди, жумладан Ўзбекистон маҳсулотларини Буюк Британияга экспорт қилиш, инвестиция, замонавий технологиялар жалб қилиш, илмий ва маданий алмашинувни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди”, - дейилади хабарда.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдужабар Абдувахитов ва мамлакатимизнинг Лондон шаҳридаги Элчиси Алишер Шайхов ўз нутқларида ватандошларимизнинг мамлакатимиз билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган интилишларини қўллаб-қувватладилар.

Сурат манбаи: http://www.translarium.info/2017/06/israel-europe-terrorism.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: