Ўзбек жамоаси дастурлаш бўйича жаҳон чемпионати яримфинали етакчилари сафига кирди

Дата: 10:17, 10-12-2015.

Тошкент. 10 декабр. ЎзТАГ – Тошкент ахборот технологиялари университетининг (ТАТУ) жамоаси Шимолий-Шарқий Европа гуруҳида (NEERC) ACM ICPC дастурлаш бўйича жаҳон чемпионати ярим финалининг “Middle Asia” минтақасида етакчи бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ахборот технологиялари вазирлигидан маълум қилишларича, мусобақа бир вақтнинг ўзида 5-6 декабрда Санк-Петербург Ахборот технологиялари, механика ва оптика миллий тадқиқот университети, Олтой давлат техника университети (Барнаул) Грузия техника университети (Тблиси) ва Тошкент ахборот технологиялари университетида бўлиб ўтди.

Мусобақаларда жами МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатларидан 268 жамоа иштирок этди. ТАТУ 1 жамоаси умумий ҳисобда 18 ўринни эгаллади.

“Middle Asia” минтақасида ўзбекистондан 26 жамоа, қозоғистондан 24 жамоа ва қирғизистондан 2 жамоа қатнашди.

Мусобақа регламентига кўра жамоаларга 5 соат мобайнида турли қийинликдаги 12та масала берилди ва жамоалар уларни белгиланган дастурлаш тиллари ёрдамида энг кам вақт сарфлаб ечишлари лозим эди. Шимолий-Шарқий Европа гуруҳида (NEERC) мусобақа бир вақтнинг ўзида Санк-Петербург, Барнаул ва Тблиси шаҳарларида бўлиб ўтди.

ТАТУ 1 жамоаси таркибига Бозорбоев О., Тошканов А., Самадов С. кирган эди. Ушбу жамоа умумий ҳисобда 7та масала ишлаган ҳолда Тошкентда биринчи ўринни, Шимолий-Шарқий Европа гуруҳида (NEERC) ACM ICPC яримфиналида қатнашаётган 268 жамоалар орасида 18 ўринни эгаллади.

Тошкентда иккинчи ва учинчи ўринларни Қозоқ-Британ университетининг TU2 ва TU4 жамоалари эгалладилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: