Ўзбек журналисти Бобомурод Абдуллаев суд залидан озод қилинди

Дата: 13:07, 08-05-2018.

Тошкент. 8 май. ЎзТАГ – 7 май куни ўзбек журналисти Бобомурод Абдуллаев Тошкент шаҳар суди залидан озод қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

У прокуратура истаганидек беш йил қамоқ жазоси ўрнига 1,5 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди.

“Шу иш бўйича судланган бошқа уч киши, Ҳаётхон Насриддинов, Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаевлар оқландилар”, - дейилади Amnesty International хабарида.

Таъкидланишича, суднинг спорт шарҳловчиси Бобомурод Абдуллаевни оқлаши мамлакатда доимий тайзиққа учраётган ўзбек журналистларига умид беради, лекин бунинг ортидан фикр эркинлиги ҳуқуқини ҳимояловчи аниқ ислоҳотлар амалга оширилиши зарур.

“Бобомурод Абдуллаев мустақил журналист сифатидаги иши учун жуда оғир бадал тўлади. У етти ойни Ўзбекистоннинг энг машъум қамоқхонасида ўтказди, у ерда у, кўп эҳтимоли билан, қўйилган айбларни тан олдириш учун қийноққа солинган. Биз унга қарши қийноқ қўлланилгани ҳақидаги хабарларнинг пухта, холис ва мустақил тергов қилинишини сўраймиз”, - деди Amnesty Internationalнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директор ўринбосари Денис Кривошеев.

Унинг фикрига кўра, “биз Бобомурод Абдуллаев ва бу ишга молик бошқа айбланувчиларнинг озод қилинишини қутлаймиз, бироқ Ўзбекистон қамоқхоналарида сиёсий айбловлар билан қамалган одамлар ҳалигача қолмоқда”. “Ўзбекистон ҳукумати яқинда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ оғир вазиятни яхшилаш учун қатор ижобий қадамлар қўйди, бироқ инсон ҳуқуқларининг олдинги бузилишлари текширилмаса, ислоҳотлар ҳақидаги гаплар сафсаталигича қолади”, - деди Кривошеев.

Эслатиб ўтамизки, Бобомурод Абдуллаев мустақил журналист ва спорт шарҳловчиси эди. У 2017 йил 27 сентябр куни Миллий хавфсизлик хизмати томонидан Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлашга қаратилган материаллар тарқатганлик учун” Тошкентда ҳибсга олинган эди. Мақолаларни у гўёки “Усман Ҳакназаров” тахаллуси остида ёзган.

2018 йил мартда журналист танқидий мақолалар ёзиш учун ушбу тахаллусни ишлатганини тан олди, бироқ зўравонликка чақирган материалларнинг муаллифлигини бўйнига олмади.

Сурат манбаи: http://www.fergananews.com/news/28455

Янгилик билан ўртоқлашиш: