Ўзбек журналистлари очиқ маълумотлар билан ишлашга ўргатилди

Дата: 15:05, 09-06-2016.

Тошкент. 9 июн. ЎзТАГ – Тошкентда бўлиб ўтган  “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларидаги очиқ маълумотлар бўлими ва очиқ маълумотлар порталидан фойдаланиш” мавзусида семинар-тренингда ўзбек журналистларига очиқ маълумотлар билан ишлаш ўргатилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбир Тошкент вилояти ҳокимияти ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури “Махаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш: 2-босқич” лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил қилинди.

БМТТД хабар беришларича, семинарда Тошкент вилоятининг 20 дан ортиқ телевидение ва радио журналистлари, шунингдек, ахборот агентликлар, босма ва интернет нашрларнинг бош муҳаррирлари ва мухбирлари иштирок этишди.

Семинарда иштирокчилар ахборотни этказишда замонавий йўналишлар билан танишиш, жамият учун зарур ахборот маҳсулотни яратишда очиқ маълумотлар билан ишлаш, қайта чоп этиш ва визуализация қилиш кабилар билан таништирилди.

Қайд этилганидек, очиқ маълумотлар – бу давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўзини ўзи идора қилиш органларининг фаолияти ҳақидаги интернет тармогида машина ўқийдиган форматда жойлаштирилган маълумотлардир. Улардан қонунда кўрсатилган исталган мақсадларда эркин фойдаланиш мумкин.

Очиқ маълумотларнинг эълон қилиниши давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўзини ўзи идора қилиш органлари фаолиятининг шаффофлигини оширишига туртки беришига ҳам алоҳида урғу берилди. data.toshvil.uz очиқ маълумотлар портали давлат органларининг тизимлаштирилган машина ўқийдиган форматда жойлаштирилган маълумотлар сақланиши учун ягона платформа вазифасини бажариши кўзда тутилган.

Шунингдек, журналистлар эътиборига Тошкент вилояти ҳокимиятининг яқинда ишга туширилган очиқ маълумотлар портали data.toshvil.uz ҳавола этилди. Унда иқтисодий ривожланиш, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, туризм, маданият ва бошқа соҳаларга оид 250 тага яқин очиқ маълумотлар тўпламлари мавжуд.

Янгилик билан ўртоқлашиш: