Ўзбекистан Орол фожеаси оқибатларини юмшатиш бўйича беш таклиф билан чиқди

Дата: 17:40, 10-09-2015.

Тошкент. 10 сентябр. ЎзТАГ - Ўзбекистан Орол фожеаси оқибатларини юмшатиш бўйича беш таклиф билан чиқди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Абдусаматов “Марказий Осиёда сув ва яхши қўшничилик муносабатлари” конференциясида маълум қилди.

“Биринчидан, “Сув ташаббусининг” олдинги босқичларидаги ирригация-дренаж тизимларини реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларни, Амударё дельтасидаги сув ҳавзаларини яратиш ва ривожлантириш ишларини давом эттириш зарур”, - деб таъкидлади Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси.

Иккинчидан, ҳудудий институтлар, хусусан, этилган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва унинг таркибий ташкилотлари салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳавза сув ташкилотлари – “Амударё” ва “Сирдарё” ҲСТ модий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини яхшилаш лозим.

Учинчидан, ўзбек делегацияси раҳбари сув ресурсларини кузатишнинг автоматлашган тизимини ривожлантириш, давлат мониторинг хизматлари технологик ва инструментал базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий услублар ва сув ресурслари ҳажми ва сифатини аниқловчи асбоблар билан жиҳозлашни муҳим деб ҳисоблайди.

“Тўртинчидан, трансчегаравий дарёлар бўйлаб сувни ўлчаш ускуналари ва қурилмаларини реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга ошириш зарур”, - деб давом этди Б.Абдусаматов.

Бешинчидан, унинг сўзларига кўра, суғоришнинг сувни тежовчи замонавий технологияларини жорий этиш ишларини фаоллаштириш, минтақа аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш зарур.

Нутқи якунида ўзбек делегацияси раҳбари “Марказий Осиё бўйича сув ташаббуси” дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда амалий ва реалистик ёндашув марказий бўлиб қолиши кераклигини таъкидлаб ўтди.

Эслатиб ўтамизки, 2015 йил 7-8 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Абдусаматов бошлиқ Ўзбекистон Республикаси делегацияси Берлинда “Марказий Осиёда сув ва яхши қўшничилик муносабатлари” номли конференцияда қатнашган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: