Ўзбекистон 1,2 минг ишлаб чиқаришларни сотувга қўйишни режалаштирмоқда
Тошкент. 9 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон 1,2 минг ишлаб чиқаришларни сотувга қўйиш ва улардан энг йирикларидаги миноритар улушларни хорижий инвесторларга таклиф қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақида Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимовнинг сўзларига кўра, мамлакат 1,2 минг ишлаб чиқаришларни сотувга қўйиш ва улардан энг йирикларидаги миноритар улушларни хорижий инвесторларга таклиф қилишни режалаштирмоқда. Хусусан, хорижликлар 68 йирик активларда улушлар оладилар. Улар орасида “Фарғонаазот” корхонаси, “Фотон” электротехника заводи ва “Қизилқумцемент” цемент заводи кабилар бор.
Бош вазирининг биринчи ўринбосари фикрига кўра, лойиҳа “янги технологиялар олиб келиб, завонавий рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қодир бўлган стратегик инвесторларга” мўлжалланган. Айни пайтда Ўзбекистон хорижий компаниялар билан $12,4 млрд келтириши кутилаётган қатор меморандумлар имзолаб, келишувлар тузди.
Илк босқичда хорижликлар фақат миноритар улушларни оладилар, лекин вақти билан улар корхонани бутунлай сотиб олиши мумкин бўлади. Аммо Р.Азимов режанинг молия томонини очиқламади. Шу билан бирга Ўзбекистонда акциялар ликвид бозори мавжуд эмаслиги таъкидланмоқда. Бу эса, маҳаллий компаниялар қийматини аниқлашда қийинчиликлар туғдиради.