Ўзбекистон $1,8 млрд хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштирди

Дата: 18:18, 28-07-2016.

Тошкент. 28 июл. ЎзТАГ – 2016 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича Ўзбекистон $1,8 млрд хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштирди. Ушбу кўрсатгич ўтган йилнинг муқобил даврига нисбатан 17,2% ўсди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ушбу маблағнинг $1,2 млрдини тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ташкил қилди. Иқтисодиётда ўзлаштирилган капитал қўйилмалар умумий ҳажмининг 23%дан зиёдини хорижий инвестиция ва кредитлар ташкил этди. Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан ўзлаштирилган маблағлар ҳажми 6,9% кўпайди ва $240 млндан ошди”, - деб таъкидлашди Иқтисодиёт вазирлигида.

Ўзлаштирилган капитал қўйилмаларнинг 51%дан ортиғини корхона ва аҳоли маблағлари ҳисобидан йўналтирилган инвестициялар ташкил қилди. Бу фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, тадбиркорлик даромадлари ўсишини рағбатлантириш ва аҳоли яшаш даражаси ҳамда шароитларини юксалтириш чора-тадбирларини рўёбга чиқариш учун қўшимча ички захиралар жалб этилгани самарасидир.

Саноатни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш лойиҳалари, шунингдек, 2015-2019-йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида шу йилнинг биринчи ярмида йирик корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини ўртача 9,8%, электр энергияси истеъмоли ҳажмини йилига ўртача 265,6 минг кВт/соат ва ялпи ички маҳсулотда энергия ҳажмини 7,6% камайтиришга эришилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: