Ўзбекистон 200 млрд сўмлик ярим йиллик давлат облигациялари жойлаштирди

Дата: 15:29, 28-12-2018.

Тошкент. 28 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон 200 млрд сўмлик ярим йиллик давлат облигациялари жойлаштирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“26 декабр куни Молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда Ўзбекистон Республика валюта биржасида муомала даври 6 ой бўлган (дисконтли) 1 млн сўм номинал қийматга эга умумий ҳажми 200 млрд сўмлик 200 минг дона давлат қимматли қоғозларини жойлаштириш бўйича аукцион ўтказилди”, - дейилади Молия вазирлигини хабарида.

Қайд этилишича, аукционда 10 та дилер иштирок этиб, улар томонидан 223 млрд сўм ҳажмида 239 270 дона рақобатли буюртмалар таклиф этилди. Аукцион давомида 184,1 млрд сўм миқдоридаги 197 100 дона қимматли қоғозлар жойлаштирилди (чиқарилиш умумий ҳажмининг 98,5%и).

Қимматли қоғозларни сўндириш куни (2019 йил 26 июн) аукционда жойлаштирилган давлат қимматли қоғозларнинг сўндириладиган умумий ҳажми 197,1 млрд сўмни ташкил этади. Қимматли қоғозларнинг ўртача тортилган даромадлилиги йиллик 14,1%ни ташкил этди, бунда минимал даромадлик даражаси - 13,7%ни ва чегара нархи бўйича максимал даромадлилик даражаси - 15,1%ни ташкил этди.

 

Сурат манбаи: https://ofzdohod.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: