Ўзбекистон 2019-2021 йилларда Инновацион ривожлантириш стратегиясини қабул қилди ва унинг доирасида 50 илғор мамлакатлар қаторига киришни режалаштирмоқда
Тошкент. 24 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон 2019-2021 йилларда Инновацион ривожлантириш стратегиясини қабул қилди ва унинг доирасида Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича 50 илғор мамлакатлар қаторига киришни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Бош мақсадга эришишда Стратегиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга келиб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига киришига эришиш, барча даражада таълим сифати ва қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимининг иқтисодиёт эҳтиёжларига мослашувчанлигини таъминлаш, илмий тадқиқотлар ва ишланмаларнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишлар натижаларини кенг жорий этиш учун таълим, илм-фан ва тадбиркорликни интеграция қилишнинг таъсирчан механизмларини яратиш, инновациялар, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишларга давлат ва хусусий маблағлар киритилишини кучайтириш, бу соҳалардаги тадбирларни молиялаштиришнинг замонавий ва самарали шаклларини жорий этиш кабилардир”, - дейилади Ўзбекистон президентининг “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида.
Шунингдек, стратегия билан бошқарувнинг замонавий усуллари ва воситаларини жорий этиш орқали давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, мулкчилик ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, рақобатбардош бозорлар ташкил этиш ва бизнес юритиш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш, барқарор фаолият юритадиган ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани яратиш кўзда тутилган.
Сурат манбаи: из https://3blmedia.com