Ўзбекистон 2019 йилги давлат бюджети лойиҳасини маъқуллади

Дата: 13:57, 06-11-2018.

Тошкент. 6 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон 2019 йилги давлат бюджети лойиҳасини маъқуллади, унинг 54% ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб қувватлашга йўналтирилган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ташқи ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, маҳаллий ҳокимият органларининг маҳаллий бюджет даромадларини шакллантиришдаги эркинлигини ошириш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш, шунингдек, аграр секторни ислоҳ қилиш ва валюта бозорини либераллаштириш бўйича қабул қилинган тадбирлар натижасида 2018 йил якунларига кўра, Давлат бюджетига даромад тушумлари прогноз кўрсаткичларининг ошириб бажарилиши кутилмоқда.

“2018 йилда республика бюджетидан арзон уй-жойлар қурилишини тижорат банкларининг кредит линиялари орқали молиялаштиришга 3,8 трлн сўм, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига 1527,6 млрд сўм, “Yoshlar – kelajagimiz” дастурига 500 млрд сўм, шунингдек, янги ташкил этилган Аёллар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондига 300 млрд сўм қўшимча маблағлар йўналтирилди”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Маҳаллий бюджетларнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг ижроси, шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштириш, мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармаларини шакллантириш учун қарийб 4,5 трлн сўм йўналтирилди.

2019 йилдан бошлаб Давлат бюджетини прогноз йил учун ва бюджет мўлжалларини келгуси икки йил учун тасдиқлаш орқали бюджетни ўрта муддатли режалаштириш механизми жорий этилаётгани таъкидланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПФ-5468-сон Фармонига мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектлар ва жисмоний шахслар ихтиёрида қарийб 10 трлн сўм маблағ қолади.

Давлат бюджети харажатларида қабул қилинган давлат дастурлари, Президентнинг мамлакатимиз ҳудудларига қилган ташрифлари якунлари бўйича берган топшириқлари, шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларини амалга ошириш учун зарур бўлган маблағлар назарда тутилган.

“Олдинги йиллар каби 2019 йилда ҳам устувор йўналиш сифатида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари (Давлат бюджети жами харажатларининг 54%) сақлаб қолинмоқда”, - деб таъкидланади хабарда.

Шунингдек, иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорларини ошириш, шу жумладан, 2019 йил 1 январдан умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ва раҳбарлари иш ҳақларини 10%, малака тоифасига эга бўлган ўқитувчиларнинг иш ҳақларини эса табақалашган ҳолда 15%дан 25%гача, меҳнатига кам ҳақ тўланадиган бюджет соҳасида ишловчи ходимлар иш ҳақларини 5% 15 фоизгача ошириш кўзда тутилмоқда.

Таклиф этилаётган чоралар бюджет соҳасида меҳнат қилаётган 360 мингдан ортиқ ходимларни қамраб олиши айтиб ўтилди. Мисол учун, бюджет ташкилотининг энг паст ойлик олувчи техник ходимларининг иш ҳақлари, устама ва қўшимчалардан ташқари, 502 минг сўмдан 577 минг сўмгача оширилади.

“2019 йилги бюджетда олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва илмий-тадқиқот институти илмий ходимлари ҳамда уларнинг раҳбарлари иш ҳақларини 1,5 баробарга, давлат муассасаларининг тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг иш ҳақларини ўртача 26,5 фоизга (2018 йилнинг 1 декабридан 20 фоизга оширилишига қўшимча равишда) ошириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, бюджет соҳасида ишловчи ходимларнинг иш ҳақларини инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорда ошириш ҳамда ижтимоий нафақаларни молиялаштиришга мўлжалланган маблағларни 20 фоизга ошириш ҳисобга олинган”, - дейилади хабарда.

Инвестиция харажатлари 11,9 триллион сўм миқдорида режалаштирилмоқда. Ушбу маблағлар Ўзбекистон президенти ва ҳукумати қарорлари билан белгиланган стратегик муҳим лойиҳаларни, шу жумладан, ичимлик суви таъминоти, сув хўжалиги объектларини, транспорт-коммуникация инфратузилмаларини ҳамда таълим ва тиббий-ижтимоий муассасаларни ривожлантириш ва реконструкция қилиш дастурларини амалга оширишга йўналтирилади.

Шунингдек, йиғилишда 2019 йилда 12 трлн сўмдан зиёд маблағ ажратилаётган соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, тиббиёт муассасаларини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида қарийб 1 трлн сўм, соғлиқни сақлаш соҳасидаги асосий дастурларни амалга ошириш учун 661,5 млрд сўм, замонавий диагностика, лаборатория ва даволаш ускуналари билан жиҳозлашга 58 млрд сўм маблағ ажратилмоқда.

Ягона ижтимоий тўлов миқдорининг пасайтирилиши ва фуқароларнинг мажбурий суғурта бадаллари ва айланмадан (оборотдан) тўланадиган мажбурий ажратмаларнинг бекор қилиниши муносабати билан юзага келган бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг тақчиллигини қоплаш ҳамда пенсия ва нафақаларнинг ўз вақтида сўзсиз тўланишини таъминлаш мақсадида 4,7 трлн сўм миқдоридаги субсидия бюджет харажатларида кўзда тутилган.

Шунингдек, арзон уй-жойлар қуриш бўйича дастурларни молиялаштиришда иштирок этадиган банкларга кредит линиялари очиш харажатларига 3 трлн сўм миқдорида маблағлар режалаштирилмоқда.  

Сурат манбаи: http://xs.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: