Ўзбекистон 2020 йилда МДҲга раислик қилиш доирасида 30 дан ортиқ тадбирлар ўтказади

Дата: 17:04, 24-12-2019.

Тошкент. 24 декабрь. ЎзТАГ – 2020 йилда Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) раислик қилиш доирасида 30 дан ортиқ тадбирлар ўтказади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"23 декабрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – МДҲ Ижроия котиби Сергей Лебедев билан учрашиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Маҳаллий кенгашларга сайловларни кузатиш бўйича МДҲ миссияси раҳбари сифатида мамлакатимизга келди", - дейилади Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати хабарида.

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва МДҲ Ижроия қўмитасининг 2020 йилда Ҳамдўстликка раислиги доирасидаги ҳамкорлигининг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар.

"Ўзбекистоннинг МДҲга раислиги унинг салоҳиятини янада тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Ўзбекистон томонидан тайёрланган Концепция ва уни амалга ошириш бўйича тадбирлар режасида МДҲга раисликнинг асосий устувор йўналишлари белгилаб берилган. Хусусан, Ўзбекистонда жами 30 дан ортиқ тадбирлар, жумладан, Ҳамдўстликнинг асосий органлари – Давлат раҳбарлари кенгаши ва Ҳукумат раҳбарлари кенгаши, Иқтисодий кенгаш, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ҳамда қатор тармоқ тузилмалари мажлислари ўтказилиши режалаштирилган", - дейилади хабарда.

Шунингдек, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг бошқа истиқболли йўналишлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

 

Сурат манбаи: mfa.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: