Ўзбекистон 2021-2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзоликка номзодини кўрсатди

Дата: 14:12, 04-10-2018.

Тошкент. 4 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон 2021-2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзоликка номзодини кўрсатди, деб хабар беради Ўзбекистон телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, бу ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессиясидаги умумий муҳокамаларида сўз борди. Унда Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Б. Ибрагимов сўзга чиқди.

“Бугун биз глобал ва минтақавий даражаларда кучларнинг янгидан шаклланишининг мисли кўрилмаган жараёнларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Халқаро сиёсат ва иқтисоднинг илгари ўзгармас деб ҳисобланган тамойиллари қайта кўриб чиқилмоқда. Дунё кундан-кун прогноз қилиш қийин ва беқарор ҳолга келмоқда. Халқаро хавфсизликни таъминлашга қаратилган кўп томонлама институтлар ва механизмларнинг самарадорлиги мустаҳкамлик синовидан ўтмоқда”, - деб иқтибос келтиради Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати Б. Ибрагимовдан.

У шу муносабат билан БМТнинг халқаро алоқаларда, хусусан, ташкилотнинг учта устунини, яъни тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, мамлакатлар ва минтақаларни барқарор ривожлантириш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.

Ўзбекистон, деб қўшимча қилди Б. Ибрагимов, БМТ раҳбариятининг ташкилотни бошқариш тизимини такомиллаштириш йўлидаги қадамларини қўллаб-қувватлайди, шунингдек, унинг органлари, шу жумладан, Хавфсизлик Кенгашини замонавий воқелик ва муаммолардан келиб чиқиб босқичма-босқич ислоҳ қилишни қутлайди.

“Бундан ташқари, биз БМТнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига, демократияга ва қонун устуворлигига риоя қилиш асосида умумий тинчликни, барқарорликни ва ривожланишни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларида фаол иштирок этишга тайёрмиз. Шу муносабат билан Ўзбекистон 2021-2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзоликка ўз номзодини илгари сурди”, - деди у.

Сурат манбаи: из https://ca-news.org

Янгилик билан ўртоқлашиш: