Ўзбекистон 2025 йилга бориб тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилишни $7 млрдга етказишни режалаштирмоқда
Тошкент. 27 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон 2025 йилга бориб тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилишни $7 млрдга етказишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (УзТАГ).
Ўзбекистонда 2019-2021 йилларда тўқимачилик саноатини ривожлантириш стратегияси қабул қилинди. Хусусан, 2021 йилгача саноат ишлаб чиқариш йиллик ҳажмини 19,2 трлн сўмгача ёки 1,6 баробарга, матоларни ишлаб чиқаришни эса 934 млн квадрат метргача (1,5 баробарга), кийим-трикотаж маҳсулотлари тикиш ҳажмини 615 млн донагача (1,8 баробарга), пайпоқ маҳулотлари ишлаб чиқришни 230 млн жуфтгача (3,3 баробарга) ошириш режалаштирилмоқда.
“Ўзбекистон ўрта муддатли стратегияни амалга ошириш натижасида 2025 йилга келиб тўқимачилик маҳсулотлари таркибини ўзгартириб, экспорт ҳажмини $7 млрдга етказишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, республикани тўқимачилик маҳсулотларининг етакчи ишлаб чиқарувчисига айлантиришнинг янги босқичи бошланади”, - дейилади “Ўзтекстильпром” уюшмаси матбуот хизматининг хабарида.
Хусусан, 2025 йилгача бўлган узоқ муддатли истиқболда режалаштирилаётган ҳажмларнинг ўсиши саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 35 трлн сўм ёки 3,5 баробарни, матолар бўйича 1 млрд 425,9 млн квадрат метрни (3,1 баробар), кийим ва трикотаж маҳсулотлари бўйича 1 млрд 516,9 млн донани (3,6 баробар), пайпоқ ишлаб чиқариш бўйича 429 млн жуфтни (4,4 баробар) ташкил этади.
Узоқ истиқболда экспорт ҳажмининг ўсиши $7 млрдни ёки 4,3 баробарни ташкил қилади.
Бундан ташқари, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш доирасида ассоциациянинг МДҲ давлатлари (Россия, Беларусь, Кавказорти республикалари), Европа Иттифоқи ва Жанубий-Шарқий Осиё минтақаларини қамраб олган минтақавий ваколатхоналарини ташкил этиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж саноати соҳасида 150 дан зиёд қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда, улардан 50 таси 100% хорижий капиталига қурилган. Чет эл инвестицияларининг катта қисми Туркия, Корея, Хитой, Сингапур, Швейцария, Германия, Буюк Британия ва Россияга тўғри келади.
Тўқимачилик ва тикувчилик корхоналари мамлакат ЯИМнинг 4,6%ини ташкил қилади.
Сурат манбаи: http://yengilsanoat.uz