Ўзбекистон аҳолиси 1,7% кўпайиб, 31 млн. кишидан ошди

Дата: 16:55, 17-03-2015.

Тошкент. 17 март. ЎзТАГ – 2015 йилнинг 1 январи ҳолатига келиб Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 31 млн. 25,5 минг кишини ташкил қилди ва 2014 йилда 1,7% ёки 532,7 минг кишига кўпайди, деб хабар қилишди Газета.uz нашрига Давлат статистика қўмитасида.

Шаҳар аҳолиси сони 15 млн. 746,8 минг кишини (50,8%), қишлоқ аҳолиси 15 млн 278,7 минг кишини (49,2%) ташкил этди.

2014 йилда туғилганлар сони 721,5 минг кишини ташкил қилди. Туғилиш коэффициенти 23,5 промиллени ташкил этиб, 2013 йил билан солиштирганда 1 промиллега кўпайди (22,5 промилле).

Ўтган йили 150,4 минг ўлим қайд этилди. 2013 йилга қараганда (145,7 минг киши) оламдан ўтганлар сони 4,7 минг кишига кўпайди. Ўлим коэффициенти 4,9 промиллени ташкил қилди (2013 йилда – 4,8 промилле).

Ўлим сабаблари орасида 59,6% қон айланиш тизимлари касалликлари ҳиссасига, 8% саратон хасталиклари, 5,7% овқатланиш тизими касалликларига, 5,3% нафас олиш тизими касалликларига, 6,1% бахтсиз ҳодисалар, заҳарланиш ва жароҳатлар ҳиссасига тўғри келди.

Бир ёшига қадар оламдан ўтган болалар сони 7,7 мингтани ташкил қилди. Чақалоқлар ўлими коэффициенти 11,1 промиллени ташкил этди.

Бир ёшига қадар оламдан ўтган болалар умумий сонидан 51,6% перинаталь муддатдаги ҳолатлар натижасида, 27,1% нафас олиш касалликларидан, 10% туғма аномалиялар, 4,3% инфекцион ва паразитли касалликлардан оламдан ўтган.

12 ой ичида ЗАГС органлари томонидан 295,6 минг никоҳ ва 28,7 минг ажралиш рўйхатга олинди. Ҳар минг кишига 9,6 никоҳ (2013 йилда 10,1 никоҳ) ва 0,9 ажралиш (2013 йилда 0,8) тўғри келди.

Бир йилда малакатга келганлар сони 145,3 минг кишини, чиқиб кетганлар сони 183,8 мингни ташкил қилди. Миграция сальдоси 2013 йилдаги минус 34,5 мингга қарши ўлароқ минус 38,5 минг кишини ташкил этди.

Иқтисодий фаол аҳоли сони ўртача 13 млн 505,4 минг кишини ёки аҳоли умумий сонининг 43,9% ташкил қилди.

Бошланғич маълумотларга кўра, иқтисодиётда банд аҳоли сони 12 млн 818,4 минг кишига тенг бўлди ва 2013 йилдагига қараганда 2,4% ўсди.

Қишлоқ хўжалиги (3,9%га), савдо, умумий овқатланиш, сотувлар ва тайёрлов (3,8%), уй-жой коммунал хўжалиги ва хизматлар соҳасида (3,7%), транспорт ва алоқада (3,6%), қурилишда (3,4%) бандлар сони сезиларли даражада ўсгани кузатилмоқда.

Нодавлат тармоғида бандлар улуши 2013 йилдаги 81,3% қарши ўлароқ 81,9% ташкил қилди.

Меҳнат органларида иш қидирувчи сифатида рўйхатда турганлар сони 2014 йилда 3,4 минг кишини ташкил қилди.

Йил якунлари бўйича ишсизлар сони 687 минг кишини, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолининг 5,1% ташкил қилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: