Ўзбекистон аҳолиси ҳар 10 сўмдан 7 сўмини меҳнат фаолиятидан олади

Дата: 13:56, 16-01-2018.

Тошкент. 16 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон аҳолиси ҳар 10 сўмдан 7 сўмини меҳнат фаолиятидан олади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Аҳолининг умумий даромадлари ҳажмининг сезиларли даражада ўсиши асосан умумий даромадлар таркибида 68,8% улушга эга бўлган меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар (ёлланма ишчиларнинг даромадлари ва мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар) ва 24,8%ни ташкил этувчи трансфертлардан олинган даромадларнинг сезиларли ўзгариши кўмаклашди. Аҳоли умумий даромадлари таркибида меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар сезиларли улушни ташкил этади. Ушбу даромадларнинг умумий даромадлар таркибидаги улуши 70% атрофида. 2017 йилнинг дастлабки якунларига кўра меҳнат фаолиятидан олинган даромадларнинг номинал ўсиш суръати 2016 йилнинг мос даврига нисбатан 113,7%ни ташкил этди”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Меҳнат фаолиятидан олинган даромадларнинг аҳоли умумий даромадлари таркибидаги бундай улуши ва ўсиш суръати аҳоли умумий даромадларининг 10,2%га ўсишини таъминлади.

Ўз навбатида, меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар, ёлланма ишчиларнинг даромадлари ва мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлардан шаклланади.

Январ-декабр ойларида ёлланма ишчиларнинг даромадлари 12,8%га ошди ва аҳоли умумий даромадларидаги улуши 34,3%ни ташкил этди.  

Ёлланма ишчилар даромадларининг энг юқори номинал ўсиши Андижон вилояти (116,5%) ва Тошкент шаҳри (115,5%), шунингдек, Тошкент (113,7%), Жиззах (113,6%), Хоразм (113,3%) ва Наманган (113,2%) вилоятларида қайд этилди.

Сурат манбаи: http://www.publika.uz/uzbekistan/economy/35346

Янгилик билан ўртоқлашиш: