Ўзбекистон аҳолиси давлат органларига кўпроқ ишона бошлади

Дата: 13:48, 12-07-2017.

Тошкент. 12 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон аҳолиси давлат органларига кўпроқ ишона бошлади. Бу кўрсаткич 2017 йилгинг биринчи чорагида 47,1%ни, иккинчи чоракда эса 48,8%ни ташкил қилган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу натижалар “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳукумат органлари самарадорлиги ҳақида ўтказилган сўровдан олинди.

Хоразм, Бухоро, Жиззах, Наманган, Андижон вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш самарадорлигидан фуқароларнинг қониқиш даражаси юқорилиги маълум бўлди (50%дан юқори). Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент ва Навоий вилоятларида эса бу мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичдан паст, яъни 38%дан камни ташкил этди.

Респондентларнинг қарийб ярми – 49,2% фикрича, “жойлардаги ижро ҳокимияти органлари фаолияти ҳақидаги ахборот очиқ ва ундан фойдаланиш мумкин”. Мазкур миқдор сўнгги уч ойда 9,5% ўсган. Шу билан бирга, сўровнинг ҳар учинчи иштирокчиси наздида “ахборот ҳамма учун ҳам очиқ эмас ва ундан барча фуқаро фойдалана олмайди”.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази 9-19 июн орасида ҳар чоракда ўтказиладиган мониторинг доирасида бутун Ўзбекистон бўйлаб 1,1 минг киши орасида сўров ўтказди.

 

Янгилик билан ўртоқлашиш: