Ўзбекистон аҳолисининг қарз юки тавсия этилган меъёрдан ошиб кетди –МБ

Дата: 17:31, 22-11-2019.

Тошкент. 22 ноябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон аҳолисининг қарз юки тавсия этилган меъёрдан ошиб кетди, деб маълум қилади Марказий банк (МБ), дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

МБ маълумотлари беришича, 1 июль ҳолатига кўра, аҳолининг қарз юки (кредитлар бўйича тўловларнинг даромадга нисбати) 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 5,3 фоиз пунктга ошди. Ўтказилган таҳлил доирасида аҳолига берилган кредитлар бўйича 150 мингдан ортиқ шартномалар кўриб чиқилди.

"Ушбу шартномаларнинг 35% да, шу жумладан автокредит шартномаларининг 67% да, микроқарз шартномаларининг 37% да ва истеъмол кредити шартномаларининг 25% да қарз юки тавсиявий меъёрдан (50%) юқори эканлигини кўрсатди ", - дейилади МБ матбуот хизмати хабарида.

Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, бундай муаммоли вазиятнинг пайдо бўлиши аҳолининг ижтимоий-молиявий аҳволини сезиларли даражада ёмонлаштириши мумкин.

Марказий банк аҳолисининг ортиқча қарз юкининг олдини олиш мақсадида "қарз олувчи – жисмоний шахснинг кредитлар (микроқарзлар) бўйича қарз юки кўрсаткичини ҳисоблаш тартиби ва мақбул қиймати тўғрисидаги Низом, шунингдек, қарз юкининг ўсишини чекловчи нормалар" лойиҳаси ишлаб чиқилди ва у ягона интерактив давлат хизматлари порталига (ЯИДХП) (ID-8499) жойлаштирилди.

"Аҳолининг ҳаддан ташқари қарз юкини бартараф этиш бўйича биринчи қадам сифатида банклар ва микрокредит ташкилотлари томонидан тақдим этилган микрокредитлар, шунингдек, ломбардлар томонидан бериладиган кредитлар учун ушбу кўрсаткични ҳисоблаш тартиби жорий этилади", – дейилади хабарда.

Ушбу Низом лойиҳаси тегишли ўзгаришларни амалга ошириш билан қайта кўриб чиқилган.

Қарз юки кўрсаткичи ҳар бир қарз олувчига қарз берувчи томонидан кредит (микроқарз) ажратишда унинг суммаси ва қарз олувчининг амалдаги кредит (микроқарз) шартномалари бўйича асосий қарз қолдиғи йиғиндиси 10 млн сўмга тенг ва ундан ошганда ҳисобланиши белгиланмоқда. Қарз юкининг энг юқори кўрсаткичи эса 50% гача оширилди.

Қайд этилганидек, аҳолининг ортиқча қарз юкини олдини олишда ўзгаришлар аҳоли кенг қатламларининг кредит олиш имкониятини чекламайди.

 

Сурат манбаи: newstes.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: