Ўзбекистон аҳолисининг газ ва электр учун қарздорлиги 5 трлн сўмликдан зиёдни ташкил қилади

Дата: 17:11, 28-06-2017.

Тошкент. 28 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон аҳолиси газ ва электр учун 5 трлн сўмликдан зиёд қарздор, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотларни 28 июн куни Халқаро Пресс-клубда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) директори ўринбосари Жасур Арипов ўртоқлашди.

2017 йил 1 июлдан бошлаб  истеъмолчи жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10 кунига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган энергоресурслар учун тўлиқ ҳақ тўлашлари зарур, деб эслатди у. Автоматлашган ҳисоб тизимларига уланган истеъмолчиларга ресурслар фақат олдиндан тўлаш тизими бўйича етказиб берилади.

Энергоресурслар учун қарздорликни ундириш билан фақат Бюро ходимлари шуғулланадилар. Уларга махсус кийим бош, хизмат гувоҳномалари ва биллинг тизими орқали электр ва газ учун қарздорликни ҳисоблаб чиқарувчи электрон қурилмалар берилган. Истеъмолчи ресурслар ҳақини жойнинг ўзида тўлаши мумкин. Бюро ходимлари ҳисоблагичларни назорат қилиб, уларнинг кўрсаткичларини базага киритадилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: